Саҳифа манзили: 

Танланган матн: 

Хабар

Янгиликлар

Ислоҳотлар самараси: Нон ёпиш билан бошланган йўл — саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришгача олиб борди Ҳар бир муваффақиятли тадбиркорнинг ортида катта меҳнат, фидойилик ва қатъият туради

error

2025-04-18

Амударёлик тадбиркор Дилдора Хайитбоеванинг ҳаёт йўли бунга яққол мисолдир.

2008 йилда онаси билан биргаликда кунига атиги 100 дона нон ва патир ёпишдан бошлаган кичик тадбиркорлик фаолияти бугунги кунда 33 нафар юртдошимизни иш билан таъминлаётган замонавий корхонага айланди ва тадбиркор бугунги кунда сутдан тайёрланадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Камрон Голд Медиа” МЧЖ ҳамда “Равшанбек-Юлдузхон” хусусий корхонасига бошчилик қилиб келмоқда.

Ишчиларнинг аксарияти “Аёллар дафтари”да турувчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар бўлиб, улар бугун барқарор даромад манбаига эга.

Тадбиркорнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 213-сонли Фармони асосида ажратилган 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли банк кредити ҳисобига янги босқичга кўтарилди. Ушбу маблағ ҳисобига Хитой Халқ Республикасидан замонавий ускуналар олиб келинди ва ишлаб чиқариш кенгайтирилди.


Ҳозирда “Камрон Gold Media” МЧЖда кунига 600 литрдан ортиқ сут қайта ишланиб, 10 дан ортиқ турдаги маҳсулот тайёрланмоқда.

Маҳсулотлар нафақат тумандаги мактабгача таълим муассасаларига етказилмоқда, балки Манғит деҳқон бозоридаги ярмаркаларда аҳолига ҳамёнбоп нархларда таклиф этилмоқда.

Дилдора Хайитбоева келгусида ҳар бир маҳаллада маҳсулот савдо шохобчаларини ташкил этиш ва бошқа сут маҳсулотларини ҳам чиқаришни режалаштирмоқда.

  Бугун мамлакатимизда тадбиркорлик ташаббуслари давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани туфайли, оддий нон билан бошланган фаолият катта саноат даражасигача етмоқда. Бу эса иқтисодиётимизни мустаҳкамлаш ва фуқароларнинг бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.