Янгиликлар
Янгиликлар
2025-04-18
Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан 16 апрель куни Амударё туманида ўтказилган Медиа-тур – бу нафақат маҳаллий тадбиркорликнинг бугунги кундаги ривожланиш ҳолати, балки унинг келажаги ҳақида ҳам чуқур мулоҳаза юритишга ундайдиган тадбир бўлди.
Медиа-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари туман бўйлаб янги фаолият бошлаган бир қатор ишлаб чиқариш объектларига ташриф буюришди. Ҳар бир ташриф – бу янги очилган имкониятлар, янги иш ўринлари ва энг муҳими, маҳаллий аҳоли ҳаётини яхшилашга бўлган чин дилдан интилишдир.
Тадбиркорларнинг айтишича, уларнинг фаолиятини йўлга қўйишда давлат томонидан кўрсатилган кўмак, хусусан, субсидиялар ва имтиёзли кредитлар катта ёрдам бўлган. Бугун улар ўзлари яратган иш ўринлари орқали бошқа фуқароларга ҳам янги умид, янги имкониятлар бағишламоқда.
Медиа-тур доирасида яна бир диққатга сазовор жиҳат – бу намунали томорқа эгаларининг тажрибаси билан танишув бўлди. Туманда кўплаб оилалар ўз томорқаларини оқилона йўлга қўйиб, иссиқхона, кўчат парвариши, сабзавотчилик ва ҳатто паррандачиликни муваффақиятли ташкил этган. Бу эса нафақат оилавий даромад манбаи, балки қишлоқ жойларда барқарор бандликни таъминлашнинг ажойиб намунаси сифатида баҳоланди.
Амударёда кузатилган бу ижобий ўзгаришлар – бу ҳудудда тадбиркорлик муҳитининг жонланаётганидан далолат. Давлат ва фуқароларнинг бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилаётгани эса ижобий натижаларни яқин келажакда янада кўпайишига асос бўлади.
Медиа-тур якунида журналистлар томонидан кўрилган объектлар ва у ердаги фаолият ижобий баҳоланиб, бундай ташаббуслар бутун республика бўйлаб кенг ёйилиши лозимлиги таъкидланди.