Янгиликлар
Янгиликлар
2025-04-22
Элликқалъа тумани “Чўпон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Исмоил Нуримов томонидан йўлга қўйилган тадбиркорлик фаолияти бугунги кунда томорқадан унумли фойдаланиш бўйича ёрқин намуна бўлиб хизмат қилмоқда.
У 2015 йилдан буён ўзининг 16 сотихли томорқасида йилига 300 мингдан ортиқ кўчат етиштирмоқда. Энг қувонарлиси, бу меҳнат натижасида Исмоил оға йиллик 150 миллион сўмдан ортиқ даромад олиб келмоқда.
Томорқада имконият катта
Исмоил Нуримовнинг фаолияти нафақат моддий жиҳатдан, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам аҳамиятлидир. У ўз ҳудудидаги 15 нафар ишсиз фуқарони доимий ва мавсумий иш ўринлари билан таъминлаб келмоқда.
Туман миқёсида томорқадан ёшлар ҳам, кекса фуқаролар ҳам фаолият юритмоқда, бу эса ҳудудда бандлик муаммосини ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
Меҳнат ва сабр самараси
Исмоил ака билан суҳбатлашганимизда:
“Ишнинг боши оғир бўлди.
Илк йилларда яхши натижа учун қаттиқ меҳнат қилишга тўғри келди. Аммо вақт ўтиши билан тажриба ортди, кўчат навларини тўғри танлаш ва парваришлашни ўргандим. Энди эса нафақат даромад, балки маҳалладошларимга иш ўрни ҳам ярата олдим”-дейди.
Ҳозирги кунда Нуримов томорқасида турли навдаги гул кўчатлари, мевали дарахт ҳамда манзарали буталар етиштирилмоқда. Суғориш тизими томорқада томчилатиб суғориш усули асосида амалга оширилмоқда. Бу эса сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш имконини беради.
Чўпон маҳалласининг бу каби намунавий тадбиркорлари ҳудуддаги бошқа аҳоли учун ҳам илҳом манбаи бўлмоқда. Бу — томорқадан фойдаланиш, ички эҳтиёжни қондириш ва бозор учун маҳсулот етиштиришнинг ёрқин ифодасидир.
Агар ҳар бир оила ўзининг 4-5 сотих еридан тўғри ва самарали фойдаланса, нафақат моддий таъминот, балки юртда озиқ-овқат хавфсизлиги ва ишсизлик масаласи ҳам ечим топади.
Санавар Жуманиязова